Самарқанд ва Жиззахда хорижга юборажагини ваъда қилган фирибгарлар фош этилди
Фирибгарлар фуқароларга Словакия ва АҚШга кетишга ёрдам беришни ваъда қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги бўлинмалари ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда фирибгарликка қарши навбатдаги тезкор тадбирларни ўтказди.
Самарқандда “AD” хусусий корхонаси раҳбари икки фуқаронинг ишончига кириб, уларни Словакияга ишга юборажагини ваъда қилган. Шу мақсадда 7 минг АҚШ долларини олаётган пайтида у қўлга олинди.
Жиззах вилоятида эса бошқа бир шахс икки фуқародан Америка Қўшма Штатларига саёҳат визасини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 2 минг АҚШ долларини олаётганда ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида ушбу фирибгарликлардан зарар кўрган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.







