Самарқандда боғчаларга сифатсиз озиқ-овқат етказилгани айтилмоқда
Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи компания фаолияти ўрганилмоқда.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги айрим болалар боғчаларига сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан гўшт ва балиқ етказиб берилаётгани ҳақидаги маълумотлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Самарқанд вилояти мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, воқеа юзасидан масъул ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ишчи гуруҳ тузилди. Ҳозирда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчи ташкилот фаолияти, маҳсулотларнинг сифати ва тегишли ҳужжатлар ўрганилмоқда.
Мутахассислар текширув жараёни якунлангач, аниқланган натижалар бўйича жамоатчиликка батафсил ахборот берилишини маълум қилди. Шу билан бирга, болаларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги доимий назоратда эканлиги, бундай масалалар юзасидан қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.
Мазкур жараён шаффоф тарзда олиб борилиши ва натижаларнинг очиқ эълон қилиниши кутилмоқда.







