ТИВ: Ўзбекистон Афғонистонга вертолётларни қайтармайди
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Афғонистонга 57 та вертолёт қайтариши ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонга ҳарбий вертолётлар қайтарилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурҳоновнинг таъкидлашича, айрим хорижий ОАВда тарқалган “57 та вертолёт Ўзбекистондан Кобулга жўнатилади” мазмунидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг мазкур масаладаги позицияси ўзгармаган ва самолёт ҳамда вертолётлар Афғонистонга топширилиши режалаштирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида “Толибон” Кобулни эгаллагач, 585 нафар афғон ҳарбий хизматчилари билан бирга 22 та самолёт ва 24 та вертолёт Сурхондарёга олиб ўтилган эди. Мазкур техникалар АҚШ маблағи ҳисобига харид қилинган бўлиб, вақтинча Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ихтиёрида бўлган.
Аввалроқ Афғонистон муваққат ҳукумати уларни қайтариш бўйича бир неча бор чақириқ билдирган, бироқ Ўзбекистон томони мазкур ҳарбий техника АҚШ мулки экани ва қайтариб берилиши мумкин эмаслигини расман билдирган эди.







