Мўғулистондан Наманганга 730 бош наслли қўй олиб келинди
Қаттиқ иқлимга мослашган мазкур ёғли қўйлар зоти 35–40 кг, қўчқорлари эса 45–50 кг гача тирик вазнга эга.

Наманган вилоятига Мўғулистондан 730 бош "Баят" наслли қўйлар келтирилди. Мазкур зот ёғли-қўйлар турига мансуб бўлиб, қаттиқ иқлим шароитига яхши мослашганлиги билан ажралиб туради.
"Баят" зотининг урғочи қўйлари 35–40 килограмм, қўчқорлари эса 45–50 килограммгача тирик вазнга эга. Бу зот юқори гўшт ва ёғ маҳсулдорлиги билан иқтисодий жиҳатдан самарали чорва сифатида баҳоланмоқда.
Ҳозирча дастлабки босқичда 730 бош қўй Наманган вилоятининг Уйчи туманида жойлашган “Ахси чорва” МЧЖга олиб келинди. Келгусида уларнинг мослашуви, парвариши ва кўпайтириш имкониятлари ўрганилади.
Умумий лойиҳага кўра, Мўғулистондан 100 минг бош наслли қўй олиб келиш режалаштирилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ташаббус чорвачилик соҳасида импорт-иқлимий инновация сифатида муҳим аҳамият касб этади.







