Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади
2026 йил январь-февраль ойларида умумхалқ тадбири онлайн ва уйма-уй юриб амалга оширилади.

Ўзбекистонда сўнгги бор аҳолини умумий рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган эди. Энди эса мазкур тадбир 2026 йил 15 январдан 28 февралгача ўтказилиши белгиланди. Жараён дастлабки 17 кун давомида интернет орқали, кейинги бир ой ичида эса “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилади.
Мазкур ташаббус орқали харажатлар 1,3 триллион сўмга қисқартирилиши ва жараённинг содда ҳамда шаффоф бўлиши таъкидланмоқда. Саволлар сони ҳам олдинги 328 тадан 71 тага қисқартирилди. Рўйхатга олишда Европа статистика конференциясининг тавсиялари асосида аҳолининг таркиби, миграцияси, оилавий ҳолати ва даромад манбалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам аниқ маълумотлар йиғилади. Ер майдонларидан фойдаланиш, чорва ва парранда сони ҳисобга олинади. Бу орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган маблағларнинг самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мумкин бўлади.
Рўйхатга олишни самарали ташкил этиш мақсадида “маҳалла еттилиги” махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Шу билан бирга, кенг тарғибот ишлари ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар мамлакатда демографик ҳамда иқтисодий сиёсатни аниқ маълумотларга асосланган ҳолда амалга оширишга хизмат қилади.







