Шавкат Мирзиёев Хоразмдаги ислоҳотлар самарадорлиги билан танишди
Сўнгги йилларда вилоятга 2 миллиард доллар сармоя киритилиб, 25 мингдан ортиқ корхона ишга туширилди.

Давлат раҳбарига Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳамда янги ташаббуслар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Сўнгги йилларда табиий ресурслари чекланган ушбу ҳудуд иқтисодиёти таркибий ўзгаришлар орқали барқарор ривожланиб бормоқда. Саккиз йил давомида вилоятга 2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиб, 25 мингдан ортиқ саноат корхонаси ташкил этилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2,2 баробар ошди.
Ҳудудда тўқимачилик, автомобилсозлик, электротехника, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати фаол ривожланмоқда. Сув ресурсларини самарали бошқариш доирасида Тошсоқ магистрал канали қайта тикланди, Амударё устида қурилган янги кўприк эса аҳоли учун муҳим транспорт қулайликларини яратди.
Сўнгги йилларда 660 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 21 минг оила янги турар-жойга кўчиб ўтди. 4,7 минг километр ичимлик суви ва 206 километр канализация тармоқлари барпо этилиб, 580 минг аҳолига биринчи марта марказлашган ичимлик суви етказилди. 2025 йил бошидан буён 100 минг эҳтиёжманд фуқарога иш ўринлари яратилди, камбағаллик даражаси эса 12 фоиздан 6,8 фоизгача қисқарди.
Янги босқичда “Ислоҳотлар штаби” фаолиятини йўлга қўйиш орқали тадбиркорлик ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда. Жумладан, Жанубий Корея, Австралия ва Словакия компаниялари иштирокида умумий қиймати 1 миллиарддан ортиқ доллар бўлган йирик саноат ва энергетика лойиҳалари тақдим этилди.
Умуман олганда, Хоразм вилояти бўйича қиймати 2,4 миллиард доллардан ортиқ янги инвестиция лойиҳалари шакллантирилган бўлиб, қўшимча равишда 86 миллион долларлик истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқилган.
Давлат раҳбари инвесторларга зарур қулайликлар яратиш, лойиҳаларни тезкор амалга ошириш ва саноат зоналаридан тўлиқ фойдаланиш юзасидан топшириқлар берди. Шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.







