Тошкентда “Dok-1 Max” ва бошқа хавфли дорилар йўқ қилинмоқда
Мажбурий ижро бюроси ходимлари 68 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Dok-1 Max” ва бошқа препаратларни бутунлай муомаладан чиқаришга киришди.

Тошкент шаҳрида соғлиқни сақлаш тизимида катта фожияга сабаб бўлган “Dok-1 Max” сиропи ва бошқа хавфли препаратларни бутунлай муомаладан чиқариш жараёни бошланди. Ушбу иш Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.
Омборларда сақланиб қолган жами 3,3 миллион дона дори воситаси, жумладан, 101 мингдан ортиқ “Dok-1 Max” сиропи ва 56 минг дона “Ambronol” сиропи, шунингдек миллионлаб таблеткалар махсус печларда ёқиб юборилади. Мутахассислар назорати остида олиб борилаётган бу жараён экология ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилмоқда.
Маълумки, ушбу дори воситалари таркибида заҳарли модда — етилен гликол аниқлангани сабабли Ўзбекистонда 68 нафар бола ҳалок бўлиб, яна бир қатор болалар соғлиғидан айрилган эди. Текширувлар жараёнида препаратлар стандартлаштириш босқичида жиддий қонунбузарликлар орқали сертификатланганлиги ва коррупсион омиллар сабаби билан бозорга чиқариб юборилгани фош этилган.
Суд қарорига асосан 23 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Улардан “Quramax Medical” компанияси раҳбари Сингх Рагвендра Пратап 20 йилга, Фармасевтика агентлиги ва Дори воситаларини экспертиза марказининг собиқ раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар 16–18 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
Жабрланган оилаларга жами 75,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундирилди. Хусусан, ҳалок бўлган 68 нафар боланинг оила аъзоларига ва оғир тан жароҳиати олган болаларнинг қонуний вакилларига индивидуал товон пуллари ажратилган.
Ушбу чора-тадбирлар келажакда бундай фожияга мутлақо йўл қўймаслик, фармасевтика соҳасида хавфсизлик ва жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.







