Андижонда Nexia ҳайдовчиси мопед ва велосипедчини уриб юборди
Иккала фуқаро ҳам енгил тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

4 сентябр куни Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида “Nexia-2” ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида тўхтамай, мопед билан тўқнашиб кетди. Тўқнашув оқибатида автомобиль бошқарувини йўқотган ҳайдовчи йўл четида кетаётган велосипедчини ҳам уриб юборган.
Вилоят ЙҲХБ маълумотига кўра, ҳодиса D-137 “Тешиктош–Ойим Қўрғонтепа–Ёрқишлоқ” автомобиль йўлининг 48-километрида содир бўлган. 1996 йилда туғилган ҳайдовчи А. Қ. бошқарувидаги автомобиль аввал мопедга, сўнг велосипедчига урилган.
Мопед ҳайдовчиси Ш.А. ҳамда велосипедчи Б.Н. турли тан жароҳатлари олиб, Қўрғонтепа туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилган. Расмийларга кўра, уларнинг аҳволи енгил баҳоланмоқда.
Ҳозирда воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қоидабузар ҳайдовчига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилиши таъминланиши айтилмоқда.







