Марказий банк 9 та банк ва бир қатор молия ташкилотларига жарима қўллади
Қоидабузарликлар туфайли банк ва микромолия ташкилотларига нисбатан санкциялар белгиланди.

Марказий банк ҳузуридаги банк назорати қўмитасининг 2025 йил августидаги йиғилишларида 51 та масала кўриб чиқилди. Унда банклар фаолиятини тартибга солиш, молиявий назоратни кучайтириш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига чора кўриш бўйича қарорлар қабул қилинди.
Устав ва рухсат бериш масалаларида 32 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, улар орасида янги микромолия ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, кредит ташкилотлари уставига ўзгартиришлар киритиш, аудиторлик сертификатлари тақдим этиш ҳамда банк раҳбарияти аъзолари номзодларини тасдиқлаш каби масалалар мавжуд.
Шунингдек, банкларнинг молиявий барқарорлиги, муаммоли кредитлар ҳажмини камайтириш бўйича белгиланган режалар ижроси ҳамда жиноят даромадларини легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш масалалари муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликлар сабабли 14 та банк ва 2 та тўлов ташкилоти огоҳлантирилди.
Энг эътиборлиси, қонунбузилишлар учун 9 та банк, 6 та микромолия ташкилоти ва 4 та ломбардга жарима санкциялари қўлланди. Шунингдек, устав капитали бўйича қонунчилик талаблари бажарилмагани учун 1 та банкнинг лицензияси бекор қилинди.







