Наманганда VIII асрга оид ноёб қўлёзма ва тангалар топилди
Топилмалар орасида Аббосийлар даври тангалари ва илмий қўлёзмалар ҳам бор.

Наманган вилоятидаги Ахсикент археология парки таркибидаги “Янги Ахси” мажмуасида қадимий бойликлар топилди. Фонд 68 та янги танга ва 27 та китоб билан бойиди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Топилмалар орасида VIII асрда Аббосийлар ҳукмронлиги даврида зарб этилган кумуш тангалар ҳамда араб ёзувида битилган нойоб қўлёзма мавжуд. Қўлёзмада ҳандаса, риёзиёт, илми нуҷум ва тиббиётга оид билимлар жамланган.
Шунингдек, фондга Сомонийлар ва Қорахонийлар даврига оид, шунингдек, 1667–1670-йилларда Швеция ва 1836-йилда Буюк Британияда зарб этилган тангалар ҳам қўшилди. Бу ёдгорликлар тарихий меросни янада бойитиши кутилмоқда.
Айни пайтда Ахсикент археологик экспедицияси Умаршайх Мирзонинг резиденцияси бўлган Якқайиғит боғида қазиш ишларини давом эттирмоқда. Муттахассисларнинг айтишича, бу ҳудуддан яна кўплаб тарихий топилмалар аниқланиши мумкин.







