Тошкент вилоятида оммавий жанжал: 29 ёшли фуқаро калтакланди
Муштлашув иштирокчилари қўлга олинди, икки шахсга қидирув эълон қилинди.

Жорий йилнинг 9 сентябр куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида бир гуруҳ шахсларнинг ўзаро муштлашаяткани акс этган видеoтасвир тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур ҳолат шу куни назоратга олиниб, тезкор қидирув тадбирлари ташкил этилди.
Аниқланишича, соат 21:30 лар атрофида 29 ёшли фуқаро синфдошлари билан тўйхона ҳовлисида турган вақтда, унга аввалдан таниш бўлган 1997 йилда туғилган Юнусов Сирожиддин Сафомуддин ўғли бошчилигидаги шахслар давлат рақами олиб ташланган автомашинада кириб келишган.
Шундан сўнг, тарафлар ўртасида келиб чиққан низо сабабли, 29 ёшли фуқаро қўл ва оёқлар билан урилиб, тан жароҳати олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида жиноят ишига алоқадор шахслар процессуал тартибда қўлга олиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бундан ташқари, жиноятда гумон қилинаётган 2000 йилда туғилган Қоражонов Жавоҳир Джафер ўғли ҳамда Нуралиев Асадбек Алишер ўғлига нисбатан қидирув эълон қилиниб, уларни ушлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.







