“Ватанга қайтиш” акцияси доирасида 1,2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди
15 мамлакатдан 654 аёл, 438 бола ва 570 эркак Ватанга қайтарилди.

30 июл – 30 август кунлари мамлакатимизда ўтказилган “Ватанга қайтиш” хайрия ташаббуси доирасида хорижда оғир ҳаётий шароитга тушиб қолган ва депортация марказларида бўлган 1 минг 200 нафардан зиёд ҳамюртимиз Ўзбекистонга қайтарилди.
Ушбу жараён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти орқали амалга оширилди. Натижада 15 мамлакатдан фуқароларимиз Ватанга етказилди. Энг кўп қайтганлар Россия Федерациясидан (993 киши), Туркиядан (106 киши) ва Америка Қўшма Штатларидан (56 киши) бўлди. Шунингдек, Жанубий Корея, Арманистон, Ҳиндистон, Япония, Беларусь, Польша, Миср, Қирғизистон, Латвия, Саудия Арабистони ва Озарбайжондан ҳам юртдошларимиз қайтди.
Қайтарилган фуқароларнинг 654 нафари аёллар, 570 нафари эркаклар ва 438 нафари болалар ташкил этади. Уларга авиачипталар хариди учун жами 4,4 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, ташаббус доирасида 2,1 мингдан ортиқ ватандошимиз ҳуқуқий маслаҳат, ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа зарур кўмакларни олди.
Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлаганидек, Ўзбекистон фуқаролари қайси давлатда бўлишидан қатъи назар, доимо Ватан ҳимояси ва эътиборида бўлишади.







