Наманганда 7,2 млрд сўмлик контрафакт дори омбори фош этилди
ДХХ аниқланган ҳолат юзасидан Zamon.uz’ни хабардор қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Наманаган вилоят божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний фармацевтика савдоси билан шуғулланаётган шахслар фаолияти фош этилди.
Ушбу тадбир давомида Уйчида яшовчи 1985, 1992 ва 1993 йилларда туғилган уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, сифатсиз ва расмий сертификатсиз дори воситаларини яширин омборларда сақлаб, савдога тайёрлаб келгани аниқланди.
Наманаган шаҳри ва Уйчи туманидаги беш манзилга жойлаштирилган яширин омборлар кўздан кечирилганда, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Франсия, Италия, Туркия, Ветнам, Исроил, Полша, Украина, Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 1 267 турдаги жами 102 640 дона қуту дори воситалари борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 7,2 миллиард сўмга тенглиги қайд этилди.
Шунингдек, ноқонуний маҳсулотлар орасида кучли таъсир қилувчи “Тестостерон” ва “Ретаболил” каби препаратлар ҳам мавжудлиги маълум бўлди.
Ўтказилган терговолди суриштирув натижаларига кўра, дори воситалари мамлакатимизга Қирғизистон Республикасидан ноқонуний йўллар орқали олиб келилганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3 ва 251-1-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатиш режалаштирилган. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.







