Наманган аҳолиси миллионлик шаҳар даражасига етмоқда
Наманганда 2026 йилгача 20 минг ўринли боғча ташкил этилиши белгиланди.

Наманган аҳолиси яқин орада миллион нафардан ошиб кетади. Шу боис шаҳар инфратузилмасини кенгайтириш, жумладан, мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш долзарб масала сифатида қайд этилди.
Тадбиркорлар учун эълон қилинган имтиёзлардан самарали фойдаланиб, Наманган шаҳрида жорий йилда 5 минг, келгуси йилда эса 15 минг ўринли янги боғчаларни ташкил этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, вилоятдаги 49 та техникумга хорижий стандартлар олиб келиниб, уларнинг барчасида дуал таълим тизимини йўлга қўйиш топширилди.
Сўнгги уч ой давомида “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида 48 нафар тадбиркор томонидан 3 мингга яқин ногиронлиги ёки ёши катта бўлган фуқароларга парвариш хизматлари ташкил этилди. Натижада 350 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланиб, барқарор даромад манбаига эга бўлди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига эндиликда деменция ва Паркинсон каби касалликларга чалинган фуқаролар учун ҳам махсус парвариш хизматларини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Бундан ташқари, кундузги парвариш хизматларига қўшимча равишда ногиронлиги бор болаларнинг функционал имкониятларини оширишга қаратилган реабилитация ва педагогик хизматларни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.








