Россия–Ўзбекистон автобус йўналишларида сохта чипта савдоси аниқланмоқда
Транспорт вазирлиги ижтимоий тармоқларда ноқонуний чипта савдоси авж олаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистонда Россия шаҳарларидан Тошкентга қатновчи автобусларга чипта сотиш баҳонасида янги фирибгарлик схемалари кузатилди. Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ва турли онлайн платформаларда ўзини чипта сотувчи сифатида таништирган шахслар фуқароларни алдаётгани аниқланмоқда.
Фирибгарлар йўловчиларга тезкор сафар ва қулай шароитлар ваъда қилиб, “Ўзавтотранс сервис”нинг расмий нархларидан анча юқори миқдорда чипта таклиф қилмоқда. Баъзи ҳолларда эса улар аванс тўловини олгач, умуман ғойиб бўлиб, фуқароларни чорасиз қолдирмоқда.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, айрим фуқаролар ноқонуний ташувчиларнинг рейсларига тушиб қолмоқда. Бундай хизматлар на йўловчи хавфсизлиги, на қулайлик учун жавобгарликни зиммасига олмайди.
Айни пайтда “Ўзавтотранс сервис” Москва–Тошкент, Қозон–Тошкент ва Пермь–Тошкент йўналишларида мунтазам автобус қатновларини амалга ошириб келмоқда. Чипталарни фақат расмий кассалардан ёки busnovoyas.ru ҳамда e-traffic.ru сайтлари орқали онлайн харид қилиш мумкин.
Транспорт вазирлиги фуқароларга ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган шубҳали эълонларга ишонмаслик, шахсий маълумотларни бегоналарга бермаслик ва нотаниш шахсларнинг банк карталарига пул ўтказмасликни қатъий тавсия этади.







