Камбағал оилалар фарзандлари учун таълим имкониятлари кенгайтирилади
Имтиёзли таълим кредитлари ва давлат грантлари кўпайиб, минглаб ёшлар сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни бўлиб ўтган “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форумида таълим соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш ва узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг энг муҳим омили бўлиб қолишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 миллион аёл таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва ўз даромадини топиш имкониятига эга бўлди. Давлат раҳбари бу жараённи янада кенгайтириб, камбағал оилалар фарзандларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш чоралари кўрилишини билдирди.
Шунингдек, бундай оилалар фарзандларининг хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганиш харажатларининг 80 фоизи давлат томонидан қопланиши белгиланди. Бу орқали 100 минг камбағал оила фарзандлари қўшимча билим ва кўникмаларга эга бўлиши кўзда тутилмоқда.
Энг муҳими, ҳар бир камбағал оилада камида битта олий маълумотли ёш бўлишини таъминлаш мақсадида имтиёзли таълим кредитлари ва давлат грантлари сони оширилади. Шу билан бирга, халқаро стандартларга мос Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, битирувчиларга хорижда тан олинадиган сертификатлар берилиши режалаштирилмоқда.







