Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар тарқалиши хавфи мавжуд — Санэпидқўмита
Энг кўп касалланиш 0–1 ёшли болалар орасида қайд этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатда ўткир респиратор инфекциялар (ЎРИ) бўйича эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда.
Россия ва қўшни давлатларда мавсумий кўтарилиш кузатилаётганига қарамай, Ўзбекистонда ЎРИ касалланиш кўрсаткичлари эпидемик кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан 36,5 фоизга паст. Касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи мавжуд бўлгани учун, авиақатновлар, меҳнат миграцияси ва хизмат сафарлари доимий назорат остида турибди.
Грипп ва ЎРИ вирусларининг айланишини аниқлаш мақсадида Санэпидқўмита тизимидаги 15 та вирусология лабораториясида мунтазам тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ёш гуруҳлари бўйича таҳлилларга кўра, энг юқори касалланиш ҳолатлари 0–1 ёшдаги болалар орасида қайд этилмоқда.
Мутахассислар маълум қилишича, ҳозирги вақтда республика бўйича грипп ва ЎРИ бўйича эпидемиологик вазият тўлиқ назорат остида қолмоқда.








