Владивостокда ўзбекистонликларга ҳужум қилган иккинчи шахс қўлга олинди
У 15 ёшли ўсмир бўлиб чиқди.

Россия Федерацияси ИИВ Приморск ўлкаси бошқармаси маълумотига кўра, жиноят қидирув ходимлари Владивостокда Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ можаро юзасидан иккинчи гумонланувчини қўлга олди. У 2010 йилда туғилган вояга етмаган ўсмир экани аниқланди.
Полиция хабарига кўра, ушбу шахс безориликда гумон қилиниб, қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун тергов органларига топширилган.
Аввалроқ Приморск ўлкаси прокуратураси 10 сентябр куни кечқурун Хабаровская кўчаси яқинида бир гуруҳ ўсмирлар мигрантларга ҳужум қилгани ҳақида текширув бошлаган эди. 16 сентябр куни Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули Юсуп Қобулжонов Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилиб, мазкур масала бўйича зарур чоралар кўрилишини сўради.
Тергов қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, ўсмирлар маст ҳолда бўлиб, транспорт воситаларига шикаст етказган, салон ичига аэрозол пуркаган, шунингдек, юк машинаси ҳайдовчиси, дўкондаги харидор, такси ҳайдовчиси ва йўловчиларга ҳужум қилган.







