Ўзбекистонда болалар қашшоқлиги 4 йилда икки баравар қисқарди — UNICEF
UNICEF маълумотига кўра, Ўзбекистонда болалар қашшоқлиги 2021 йилдаги 21,5 фоиздан 2024 йилда 11,4 фоизгача камайди.

Наманганда ўтказилган “Қашшоқликдан фаровонлик сари” III Халқаро форумида UNICEF ваколатхонаси раҳбари Режина Кастиглио Ўзбекистонда сўнгги йилларда болалар қашшоқлигини камайтириш йўналишида эришилган натижаларни эътироф этди.
Маълумотларга кўра, 2021–2024 йиллар давомида болалар қашшоқлиги даражаси 21,5 фоиздан 11,4 фоизга тушган. Бу жараёнда ижтимоий ёрдам дастурларининг кенгайиши муҳим роль ўйнади: болаларни пул ўтказмалари билан қамраб олиш уч баравар кўпайди, нафақа олувчи оилалар сони эса 40 фоизга етди. UNICEF ҳисоб-китобларига кўра, агар ушбу ёрдамлар бўлмаганида мамлакатда қашшоқлик даражаси икки баравар юқори бўлиши мумкин эди.
Ташкилот вакиллари ижтимоий ҳимоя тизимига киритилган ҳар бир доллар иқтисодиётга 2,40 доллар даромад келтиришини қайд этди. Шу билан бирга, фақат моддий ёрдам билан чегараланиб бўлмаслиги таъкидланди. Болаларнинг сифатли таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳимоя хизматларига тенг имконият асосида эга бўлиши — инсон капиталини ривожлантиришда асосий омил сифатида кўрсатилди.
UNICEF ижтимоий сиёсат дастури раҳбари Тинатин Баумнинг сўзларига кўра, болаликда қашшоқлик шароитида улғайганларнинг 32 фоизи катталикда ҳам камбағал бўлиб қолмоқда, болалигида қашшоқликни бошдан кечирмаганлар орасида эса бу кўрсаткич атиги 1 фоизни ташкил қилади.







