Украинада ўзбекистонликларни мажбурий меҳнатга жалб қилган гуруҳ қўлга олинди
Жиноий гуруҳ таркибида Хитой, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари борлиги айтилмоқда.

Киев вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 13 нафар Ўзбекистон фуқаросини мажбурий меҳнатга жалб қилган жиноий гуруҳ фаолияти тўхтатилди.
Тергув материалларига кўра, гумонланувчилар — Хитой Халқ Республикасининг икки фуқароси, Ўзбекистон фуқароси ва бир украиналик аёл — оғир ижтимоий аҳволда бўлган шахсларни иш ва турар жой ваъдaси билан чорлаш орқали уларни алдаб, иссиқхонада эксплуатация қилган.
Қурбонларнинг эркинлиги кескин чекланган: уларга ҳудудни тарк этиш тақиқланган, қоидаларга бўйсунмаганлик учун жарима қўлланган, ҳатто шахсий эҳтиёжларни қондириш ҳам қатъий вақт чегарасига боғланган.
17 сентябр куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гумонланувчиларнинг яшаш ва ишлаб турган манзилларида тинтув ўтказилиб, ўзбекистонлик фуқаролар сақланган бино аниқланган. Операция давомида пул маблағлари, ҳужжатлар ва транспорт воситалари мусодара қилинган.
Қўлга олинган шахслар устидан оғир тоифадаги жиноят иши қўзғатилди. Тергув органлари улар учун қамоққа олиш чораси белгилаш устида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистонлик фуқароларнинг Ватанга қайтарилиши масаласи бўйича ҳозирча аниқ маълумот берилмаган. Мазкур воқеа юзасидан дипломатик ваколатхоналар ҳамда расмий идоралар изоҳ бериши кутилмоқда.







