Ўзбекистонда 30 мингга яқин фуқаролик жамияти институти фаолият юритмоқда – халқаро анжуманда муҳокама қилинди
2025 йил 19 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан “Ўзбекистоннинг демократик ривожланишида фуқаролик жамиятининг ўрни: глобал чақириқлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Япония, Германия, Туркия, Швеция, Швейцария, Польша, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатлардан “ақл марказ”лари ва тадқиқот институтлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон давлат органлари, “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди раиси Хусанов Отабек Нишанович, “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Туляқов Элдор Собиржонович ва бошқа мутасаддилар қатнашди.
Тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш йўналишида амалга оширилган ислоҳотлар атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуманда қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 30 мингга яқин фуқаролик жамияти институти фаолият юритмоқда, уларда 150 мингдан ортиқ фуқаро меҳнат қилмоқда. Ушбу институтлар давлат идоралари ва жамоатчилик ўртасида кўприк вазифасини бажариб, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга фаол ҳисса қўшмоқда.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон тажрибасини глобал миқёсда демократик қадриятларни ривожлантиришда илғор модел сифатида эътироф этди.
Тадбир якунида мутахассислар томонидан демократия ва фуқаролик жамиятини кучайтириш бўйича инновацион таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Анжуман иштирокчилари ўзаро ҳамкорликни яна-да кучайтириш ва тажриба алмашувини кенгайтириш борасида келишиб олди.







