Ўзбекистонда миллий маълумот марказлари барпо этилади
Бу “ICT Week Uzbekistan 2025” ҳафталигида эълон қилинди.

Ўзбекистон яқин келажакда мамлакат ҳудудида жойлашган улкан қувватларга эга “cloud” хизматларига эга бўлади. Бу ҳақда “ICT Week Uzbekistan 2025” ҳафталигида маълум қилинди, деб хабар бермоқда тадбирда иштирок этаётган “Zamon.uz” мухбири.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳа хорижий серверларга боғлиқ бўлмаган суверен рақамли инфратузилмани барпо этиш имконини беради. Маҳаллий IT-компаниялар жисман Ўзбекистонда жойлашган қувватлардан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини, жумладан сунъий интеллект соҳасидаги ишланмаларни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистондаги дата-марказлар қурилиши билан Саудиянинг DataVolt компанияси шуғулланмоқда. Аввалроқ ушбу мақсадлар учун 6,5 миллиард долларгача сармоя киритилиши маълум қилинганди.
DataVolt бутун дунё бўйлаб маълумотлар марказларини ривожлантиришга фаол сармоя киритиб келмоқда. Қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган Vision инвестиция гуруҳининг бир қисми сифатида DataVolt АҚШ, Ҳиндистон ва Саудия Арабистонидаги лойиҳаларда, жумладан шов-шувли NEOM утопик шаҳар лойиҳасида иштирок этмоқда.
Лойиҳа ташаббускорларининг таъкидлашича, бунинг натижасида миллий компаниялар ўз маҳсулотларини ташқи серверларга қарам бўлмаган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган замонавий қувватлардан фойдаланган ҳолда ривожлантириш имкониятига эга бўлади. Айниқса, бу сунъий интеллект ва бизнес лойиҳалари учун катта фойда келтириши мумкин.
Маълумот учун: тўрт кун давом этадиган мазкур форумда 50 дан ортиқ давлат вакиллари, 300 дан зиёд компания ва ҳамкорлар ҳамда 20 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашаётгани қайд этилган.
Дастур давомида 200 дан ортиқ халқаро экспертлар, жумладан Meta, Microsoft, UzTelecom, Yandex Uzbekistan, Digital Engineering School, Zoomrad, Mobi.uz, Uzinfocom, Beeline, Huawei каби ташкилотлар ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказмоқда.







