Хоразмдаги ЙТҲда скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлди
У йўлни кесиб ўтаётганда Cobalt билан тўқнашиб кетган.

Хоразм вилоятининг Урганч туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақида вилоят ИИБ ЙҲХБ маълум қилди.
Қайд этилишича, воқеа 23 сентябрь куни Д-218 автомобиль йўлининг 8-километрида содир бўлган. 20 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt йўлни ўнгдан чапга кесиб ўтаётган скутерни уриб юборган. Оқибатда скутер ҳайдовчиси жойида ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан Урганч тумани ИИБ тергов бўлими томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади. Шу боис барча ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш орқали йўлларда хавфсизликни таъминлаш сўралмоқда.







