Тошкент вилоятида иккита поезд вагони релсдан чиқиб кетди
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмади, қисқа муддатли кечикишлардан сўнг ҳаракат тикланди.

27 сентябр куни кечқурун Тошкент вилоятининг Чиноз туманида юк поезди билан боғлиқ техник носозлик юз берди. Соат 18:36 да Олмазор ва Расулобод бекатлари оралиғида сут маҳсулотларини ташиётган поезднинг икки вагони релсдан чиқиб кетгани қайд этилди.
Темирйўл хизмати ходимлари тезкор чоралар кўриб, участкада ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун таъмирлаш ишларини олиб борди. Шу сабабли қисқа муддатли кечикишлар кузатилган бўлса-да, қисқа фурсатда поездлар ҳаракати тўлиқ тикланди.
Соат 21:30 ларда яна худди шу ҳудудда, Расулобод вокзали яқинида, “Жиззах–Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган юк поездининг икки вагони релсдан чиқиб кетгани маълум қилинди.
Ҳодиса оқибатида жабрланувчилар йўқ. Фавқулодда вазиятлар хизмати ва мутасадди ташкилотлар воқеа жойига етиб келиб, зарур чораларни кўрди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан техник текширув ишлари олиб борилмоқда.







