Бухорода бўш турган 3 қаватли бино ёниб кетди
Ҳозирда ёнғин сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Бугун, 30 сентябр куни соат 19:17 да Бухоро вилояти Жондор тумани “Шўробод” МФЙ, Янгиҳаёт қишлоғида жойлашган, ҳозирда фаолият юритмаётган 3 қаватли бинода ёнғин содир бўлгани ҳақида ФВБга хабар келиб тушган.
Зудлик билан 6 та ёнғин-қутқарув экипажи ҳодиса жойига етиб борган. Ёнғин соат 19:30 да ўраб олиниб, 20:55 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар ҳақида маълумот келиб тушмади.







