Баҳорда экилган кўчатларнинг 27,5 миллионтаси қуриб қолди
Уларга одатдагидан 2–3 баробар кўп сув талаб этилган.

Ўзбекистон бўйлаб “Яшил макон” дастури доирасида 2025 йил баҳорида экилган 137 миллионта кўчатнинг 27,5 миллиони қуриб қолгани маълум қилинди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 26 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда бу ҳолатни танқид қилган.
Расмий маълумотга кўра, кўчатларнинг қарийб 20 фоизи қуриб қолишига сабаб – баҳор ва ёзда иссиқ кунлар тез келиб қолгани ва кўчатлар тамоман униб улгурмаганидир. Уларга одатдагидан 2–3 баробар кўп сув талаб этилган.
Шу муносабат билан Президент дарахтларни кузда кўпроқ экиш зарурлигини таъкидлади. Бу йилги куз мавсумида 125 миллион туп дарахт ва буталар, 2026 йил баҳорида эса яна 75 миллионта кўчат экиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, суғориш тизими ва имконияти йўқ ҳудудларга кўчат экиш тақиқланиши алоҳида қайд этилди.







