Тошкентда фуқаро ИИО ходимига 10 минг доллар пора таклиф қилди
Жиноят қидирув ходими порани рад этган, фуқаро устидан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳрида жиноят қидирув вакилига катта миқдорда пора таклиф қилган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишиича, Шайхонтоҳур тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сақлаб келаётган шахс аниқланган. Гумонланувчи ҳолат юзасидан чоралар кўрилмаслигини сўраб, жиноят қидирув ходимига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходим қонунга хилоф ҳаракатларга розилик билдирмаган ва дарҳол раҳбариятга хабар қилган. Шундан сўнг, ИИВ ҳамда прокуратура вакиллари иштирокида ўтказилган махсус тадбирда фуқаро порани берган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (“Пора бериш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ИИББ маълумотига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатда 117 нафар фуқаро ИИО ходимларига пора таклиф қилган вақтида ушланган. Тошкент шаҳрида эса “Долзарб 20 кунлик” тезкор-профилактик тадбирлари давомида 270 та жиноят фош этилиб, 4,5 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилган.







