Тошкентда Туркий университетлар иттифоқининг 8-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди
Унда 7 та олийгоҳни иттифоққа қабул қилиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Бугун, 15 октябрь куни Тошкент халқаро университети (Tashkent International University) раислигида Туркий давлатлар ташкилоти ҳузуридаги "Туркий университетлар иттифоқи"нинг 8-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди.
Тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ва ТУРКСОЙ раҳбарияти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, Туркий Академия ҳамда TÜRKÜNİBга аъзо олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Ассамблеяда Азербайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Шимолий Кипр ва Ўзбекистондан жами 69 та университет вакиллари қатнашди. Тадбирда иттифоққа янги университетларни қабул қилиш, «Орҳун» алмашинув дастурини такомиллаштириш, доимий котибият ва махсус дастур жамғармасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Туркий илм-фан ва инновациялар кунлари”ни ўтказиш ташаббуси ҳам кун тартибига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ўз нутқида йиғилиш иштирокчиларини Ўзбекистон ҳукумати номидан самимий табриклаб, ушбу ассамблея Туркий дунё олий таълими ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
“Туркий давлатлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни замонавий билим ва инновацион тафаккур руҳида тарбиялаш — бизнинг умумий мақсадимиздир”, — деди вазир.
У, шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 11 та олийгоҳи TÜRKÜNİB аъзоси эканини, яна 7 та олийгоҳни иттифоққа қабул қилиш режалаштирилганини маълум қилди.
Ўзбекистон ва Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Венгрия ўртасидаги олий таълим ҳамкорлиги, қўшма форумлар ва янги таълим лойиҳалари муваффақиятли давом этаётгани қайд этилди.
Ассамблея якунида Ташкент Интернатионал Университй ҳудудида Ўзбекистон университетлари кўргазмаси ва U2U (University to University) форматидаги учрашувлар ташкил этилди.
Мазкур Ассамблея Туркий давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, таълим ва илм-фан соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни бошлаб бериш йўлида муҳим қадам бўлди.







