Мусиқа ва жисмоний тарбия ўқитувчилари учун янги рағбат тизими жорий этилди
B+ ва ундан юқори сертификатга эга мусиқа ва жисмоний тарбия ўқитувчилари ойлик иш ҳақига устама олади.

Ўзбекистонда мусиқа маданияти ва жисмоний тарбия йўналишидаги ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини эътироф этиш тизими кенгаймоқда. Ҳукумат қарорига мувофиқ, ушбу фанлар бўйича B+ ва ундан юқори даражадаги сертификат олган педагогларга ойлик иш ҳақига қўшимча устама тўланади.
Мазкур тартиб Билим ва малака баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади. Сертификатлар амалий ҳамда тест синовлари асосида уч йил муддатга электрон шаклда берилади. Баҳолаш мезонларига кўра, A+ — 70 балл ва ундан юқори, A — 65–69,9, B+ — 60–64,9, B — 55–59,9, C+ — 50–54,9, C — 46–49,9 балл тўплаган ўқитувчилар сертификат эгасига айланади.
Расмийлар таъкидлаганидек, ушбу тизим ўқитувчиларни ўз устида мунтазам ишлашга ундайди, таълим сифати ва ўқувчиларнинг ижодий ҳамда жисмоний ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.







