Ўзбекистонда ҳокимликлар комплекс хизмат марказларига айлантирилади
Янги бошқарув тизими 2026 йил 1 январдан 33 та туман ва Сурхондарё вилоятида синов тариқасида жорий этилади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 октябрь куни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, туман ва шаҳар ҳокимликлари аҳолига ҳамда тадбиркорлик субъектларига комплекс хизмат кўрсатувчи замонавий марказлар шаклида қайта ташкил этилади.
Адлия вазирлиги маълумотига кўра, янги тизим 2026 йил 1 январдан синов тарзида жорий этилади. Дастлабки босқичда “Янги Ўзбекистон тимсолидаги туман (шаҳар)” мақомига эга 33 та ҳудуд, шунингдек, Сурхондарё вилоятининг барча туманлари ислоҳот доирасига киради.
Мазкур ташаббус доирасида ҳокимлар маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш, ижро ҳокимияти ҳудудий бўлинмаларини самарали бошқариш ваколатларига эга бўлади. Шу билан бирга, уларнинг ўз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид аниқ вазифалари белгиланади.
Бошқарув аппаратини ихчамлаштириш мақсадида ҳоким ўринбосарлари сони ҳам қисқартирилади: вилоят ҳокимликларида энг кўпи билан олти нафар, туман ва шаҳар ҳокимликларида эса тўрт нафар ўринбосаргача белгиланган.
Мазкур ислоҳот маҳаллий бошқарув самарадорлигини ошириш, фуқароларга қулай ва тезкор давлат хизматларини тақдим этишга қаратилган.







