Ўзбекистон Беларусь билан экологик экспертиза соҳасида ҳамкорлик қилади
Ахборот алмашиш, малака ошириш дастурларини ташкил этиш ва экологик экспертизага оид рақамли ечимларни ривожлантиришни назарда тутувчи Меморандум имзоланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази ва Беларус Республикаси Табиат ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги “Давлат экологик экспертизаси, кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази” давлат таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик Меморандум имзоланди.

Меморандум экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнларини такомиллаштириш, ўқув дастурларини ривожлантириш ва мутахассислар малакасини ошириш, замонавий рақамли ечимлар ҳамда инновацион ёндашувларни жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва халқаро экологик ташаббусларда биргаликда иштирок этишни назарда тутади.
“Бизнинг Марказлар ўртасида Меморандум имзоланиши — бу шунчаки расмий қадам эмас, балки узоқ муддатли ва мазмунли ҳамкорликнинг бошланишидир. Ушбу ҳужжат тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни ривожлантириш ва экологик экспертиза ҳамда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш соҳасидаги салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Беларуслик ҳамкасбларимиз — Давлат экологик экспертизаси ва кадрлар тайёрлаш республика марказининг ютуқларини юксак қадрлаймиз. Сизларнинг экспертиза мактабингиз, методик базангиз ва малака ошириш тизимингиз минтақада муносиб эътироф этилган ва кўплаб давлатлар учун ўрнак бўлиб хизмат қилмоқда", — деди Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Ғайрат Мухамедов.

Ҳамкорлик доирасида илмий ва методик ахборот алмашиш, қўшма конференсиялар, семинарлар ва учрашувлар ўтказиш, малака ошириш дастурларини ташкил этиш, ишчи гуруҳлар тузиш ҳамда экологик экспертизага оид рақамли ечимларни ривожлантириш назарда тутилган.
Мазкур Меморандум томонларга қўшимча молиявий мажбуриятлар юкламайди ҳамда беш йил давомида амал қилади. Унинг муддати автоматик равишда узайтирилади.







