Тошкентда ички ишлар ходимига 50 минг доллар пора таклиф қилган шахс қўлга олинди
У криптожиноятни ёпиб қўйиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот ходимига пора таклиф қилган.

Тошкент шаҳрида криптовалютага оид ноқонуний фаолият билан шуғулланган шахслар фош этилди. Аниқланишича, тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ хорижий онлайн казино платформаси орқали ноқонуний крипто-операциялар амалга оширган. Улар турли банк карталари ва рақамли ҳамёнлар орқали йирик миқдордаги маблағларни айлантириб келган.
Тергов давомида гуруҳ аъзоларидан бири ишни “ёпиб қўйиш” мақсадида ҳуқуқ-тартибот идораси ходимига 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган. Масъул ходим пора олишдан бош тортган ва ҳолат юзасидан дарҳол тегишли органларга хабар берган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи пора топшириш жараёнида қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (“Пора бериш”) бўйича иш қўзғатилди.
Тергов жараёни давом этмоқда.







