“Жуда ҳам тушунарсиз ҳолат бўлган”
МБ раиси Ўзбекистон Россиядан олтин сотиб олаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Россиядан олтин сотиб олаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бунга 24 октябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раҳбари Тимур Ишметов муносабат билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бу умуман ҳақиқатдан йироқ маълумот.
“Биз ҳеч қачон бошқа давлатлардан олтин сотиб олмаганмиз ва сотиб олиш ниятимиз йўқ. Ўзимизга етадиган олтинимиз бор”, деди Ишметов.
МБ раиси The Economist журналида чоп этилган мақолани эслаб, мазкур нашр билан расмий мулоқот бўлганини маълум қилди.
“Бир неча ой аввал The Economist журналидаги мақолада шундай маълумот чиқди. Биз уларга расмий мурожаат йўллаб, маълумот қаердан олингани бўйича савол қўйдик ва нотўғрилигини кўрсатдик. Улар кейинги сонида хатосини тузатди. Жуда ҳам тушунарсиз ҳолат бўлган”, - деди у.







