Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Дубайга ишга жўнатилиши мумкин
Бу бўйича икки томон ўртасида музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Бирлашган Араб Амирликларининг "Dubai Taxi Company PJSC" корхонаси раҳбари Сайид Амин Абдулраҳман билан Ўзбекистондан малакали ҳайдовчиларни БААда қонуний равишда муносиб иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилишди.
Сайид Амин Абдулраҳман, Ўзбекистондан тажрибали ҳайдовчиларни ишга жалб қилиш жараёнини ҳуқуқий томондан қўллаб-қувватлашга, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
"Дастлабки босқичда корхонамизга 200 га яқин Ўзбекистон фуқароларини такси ҳайдовчиси сифатида ишга жалб қилиш учун имкониятимиз бор. Агар уларнинг меҳнат самарадорлиги юқори бўлса, яна қўшимча равишда 500 га яқин ўзбекистонлик такси ҳайдовчиларини ишга жалб қилиш мумкин", – деди у.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Меҳнат агентлиги ва "Dubai Taxi Company PJSC" корхонаси вакиллари ўртасида ушбу жабҳадаги ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилишга келишиб олинди.







