Эндиликда жазони тўлиқ ўтаган ўсмирлар жиноятчи ҳисобланмайди
Ўзбекистонда вояга етмаганлар жиноятчилиги бўйича янги тартиб жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 18 ёшга тўлмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича жиноий жавобгарлик тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Эндиликда, жазони тўлиқ ўтаган вояга етмаганлар жиноятчи ҳисобланмайди.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар доирасида ўта оғир, такрорий ёки қасддан содир этилган жиноятлар бўйича истиснолар мавжуд. Шунингдек, вояга етмаганлар учун энг кам жазо муддати қисқартирилди: озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш эндик бир ойдан бошланади, илгари эса пастки чегара олти ойни ташкил этган.
Мазкур ислоҳотлар мақсади — жиноий жавобгарликни инсонпарварлаштириш, вояга етмаган жиноятчиларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларни жамиятга қайта интеграция қилишни таъминлашдир.







