Ўзбекистон

Президент Ички ишлар органлари ходимлари табрик йўллади

“Ички ишлар органлари ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, замонавий иш шароитлари, зарур техник воситалар билан таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолади”, дейилади табрикда.

Президент Ички ишлар органлари ходимлари табрик йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига байрам табриги йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

 

“Сиз, азизларни 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

 

Ушбу қутлуғ айёмда, аввало, Ватан олдидаги муқаддас қасамёдингизга доимо содиқ қолиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз зиммангиздаги ғоят муҳим вазифаларни юксак масъулият билан адо этиб келаётганингизни алоҳида таъкидлашни истардим.

 

Сўнгги йилларда ички ишлар органларини чинакам халқчил тузилмага айлантириш борасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик муҳитини ишончли таъминлаш бўйича мустаҳкам замин яратилди.

 

2025 йилда “Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” барча даражадаги раҳбарлар учун энг устувор вазифа этиб белгиланди. Шу мақсадда жиноятлар содир этилиши нуқтайи назаридан вазияти оғир бўлган маҳаллаларга ички ишлар органлари билан биргаликда 

 

барча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот тизимидаги олийгоҳлар бириктирилиб, уларнинг жойлардаги кундалик манзилли фаолияти ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган “ягона фаолият занжири” яратилди.

 

Ушбу тоифадаги маҳаллалар кичик ҳудудларга бирлаштирилиб, уларда “тезкор ёрдам” функциясини бажарадиган ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди, мигрантлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича алоҳида ташкилий-профилактик механизмлар шакллантирилди. Профилактика, тезкор-қидирув, патруль-пост, йўл-патруль ва қўриқлаш хизмати инспекторларининг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилиб, улар “маҳалла еттилиги” ва аҳоли билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. 

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий дастурлар ҳамда ҳуқуқий-тартиботни мустаҳкамлаш борасидаги тадбирлар натижасида йил давомида жами маҳаллаларнинг ярмидан кўпида жиноят содир этилмади, ёшлар, аёллар ва ишсизлар ўртасида жиноятчиликнинг кескин камайишига эришилди.

 

Ўз навбатида, соҳада замон талабларига мос равишда самарадорликка эришишга қаратилган янгича ишлаш амалиёти қарор топмоқда. Хусусан, ички ишлар органларининг рақамли инфратузилмасида трансформация жараёнлари бошланди, жамоат хавфсизлигини таъминлаш амалиётига сунъий интеллект имкониятлари кенг татбиқ этилмоқда.

 

Қисқа муддатда вазирлик ва идораларнинг қирққа яқин маълумотлар базаси билан интеграциялашган “Хавфсиз шаҳар” ягона платформаси яратилди, 20 дан ортиқ янги ахборот тизимлари ишга туширилди, “Ягона мигрант” ахборот базаси ёрдамида узоқ вақт хорижда юрган шахслар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.

 

Дунё миқёсида тобора кучайиб бораётган кибержиноятларнинг таҳдид ва таъсиридан мамлакатимизни ишончли ҳимоя қилиш, айниқса, аҳолимизнинг улардан жабрланишига йўл қўймаслик бўйича комплекс механизмлар жорий этилмоқда. Табиийки, бу соҳада замонавий профессионал кадрларга бўлган талабни оширмоқда.

 

Шу жиҳатдан 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Академиясида дуал таълим жараёни ва инновацион педагогик технологиялар асосида “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилгани муҳим қадам бўлди.

 

Ҳурматли соҳа ходимлари!

 

Жиноятларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш орқали халқимиз ҳаётини янада осойишта ва файзли қилишга қаратилган ҳаракатларимизни биз бундан буён ҳам устувор даражада изчиллик билан давом эттирамиз. Бунда “маҳалла еттилиги” имкониятларидан самарали фойдаланиш, оила, таълим муассасаси, маҳалла фаоллари ва давлат идоралари ўртасида узвий ҳамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор бериш лозим.

 

Биз замон талабларини ҳисобга олиб, ички ишлар органларида жиноятчиликка қарши курашиш жараёнини рақамли технологиялар имкониятларини кенг жорий этган ҳолда ташкил этиш, киберфирибгарлик ва киберўғирликларга чек қўйиш бўйича ишларни янгича ёндашувлар асосида янада фаоллаштирамиз.

 

Бутун жаҳонда гиёҳвандлик балоси асосан вояга етмаганлар ва ёшларни ўз домига тортаётгани ҳаммамизни огоҳликка ундаши зарур. Ушбу иллатдан миллий генофондимизни асраш мақсадида уюшган наркожиноятчиликка бутунлай чек қўйиш борасидаги ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқишимиз, тезкор-профилактик ва тергов фаолиятини манзилли ташкил этишимиз керак.

 

Ишончим комил, ана шу устувор йўналишларда сафарбарликни кучайтириб, биргаликда ҳаракат қилиб, ишимиз самарасини кескин оширсак, халқимизнинг чинакам розилигига эришамиз.

 

Азиз дўстлар!

 

Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга Ватанимиз ва халқимиз тинчлиги йўлидаги садоқатли ва фидокорона хизматингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.

 

Ушбу шонли айёмда эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур соҳа ходимларининг хотирасини ҳурмат билан ёдга олиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига эзгу тилакларимизни йўллаймиз.

 

Ҳеч шубҳасиз, ички ишлар органлари ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, замонавий иш шароитлари, зарур техник воситалар билан таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

 

Сизларни бугунги шукуҳли байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман”, дейилади табрик матнида.

custom img

Абу Али ибн Сино номидаги олимпиадада Ўзбекистон 11 та медаль олди

Халқаро олимпиадаларда медаль совриндорларига пул мукофотлари берилади.

custom img

Тошкент вилоятида тадбиркордан 63 минг доллар талаб қилган ФВВ ходими қамоққа олинди

У 5,04 миллиард сўмлик шартномаларни вазирликдаги алоқалари орқали маҳаллий корхонага олиб берганини даъво қилган.

custom img

Қашқадарёда медиа ҳафталик якунланди: янги ёндашувлар шаклланди

Лойиҳанинг навбатдаги босқичи 27 апрель – 1 май кунлари Самарқандда давом этади.

custom img

Самарқандда вояга етмаган икки қизга нисбатан зўравонлик содир этилди

Васий аёл болаларнинг хорижда бўлиб турган онасидан пул ундириш мақсадида уларга босим ўтказиб, зўравонлик ҳолатини видеога олган.

custom img

Наманганда Lacetti сойга тушиб кетди

Ҳодиса жойида қутқарувчилар ва кўнгиллилар икки нафар фуқарони машинадан олиб чиққан.

custom img

Ўзбекистонда ҳайвонлар касалликлари бўйича янги карантин қоидалари тасдиқланди

Эндиликда чорвачиликда касаллик тарқалишига қараб карантин ҳудудлари белгиланади.

custom img

Оролдан қолган чўл туристларни қизиқтирмоқда

Нукусда Қорақалпоғистон туризмини ривожлантириш бўйича халқаро форум бўлиб ўтди. Унда маълум қилинишича, айни пайтда мамлакатда 22 та UNESCO рўйхатига кирган тарихий иншоот ва қадамжолар бор. Хорижликлар тарихий масканлар қаторида Орол денгизига кўпроқ қизиқиш билдирмоқда.

custom img

Самарқандда 2 гектар ерни 490 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Улар иссиқхона учун ажратилган ер майдонини танишлари орқали харидорга расмийлаштириб бермоқчи бўлган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"