Таиландда бир йиллик мотам эълон қилинди
Бунга Қироллик онасининг вафот этиши сабаб бўлган.

Таиланднинг Қироллик онаси — Қиролича Сирикит 93 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан ҳукумат расман бир йиллик мотам эълон қилди.
Қайд этилишича, бу даврда давлат хизматчилари мотам кийимларини кийишлари, байроқлар эса 30 кун давомида ярмига туширилиши керак.
Қиролича Сирикит сўнгги йилларда соғлиги ёмонлашгани сабабли касалхонада даволанаётган эди. У қон инфекцияси туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Маълумот учун, 1932 йилда туғилган Сирикит Таиланд қироли Бҳумибол Адулйадежнинг рафиқаси бўлиб, узоқ йиллар давомида мамлакатда анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш, камбағалликка қарши кураш ва маданий меросни асраш соҳаларида фаолият кўрсатган. Унинг инсонпарварлик ишлари уни халқ орасида юксак ҳурматга сазовор қилган.
Таиланд Бош вазири барча фуқароларни мотам даврида тинчлик ва ҳурмат муҳитини сақлашга чақирди.







