“А1” гувоҳномасини олиш учун имтиҳонда 16 та тўғри жавоб топиш кифоя
“А” ва “Б” тоифаларида назарий машғулотлар мажбурияти бекор қилинади.

Мопед ва скутер эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёни сезиларли даражада соддалаштирилди. Вақт ва молиявий юкни камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан янги қарор қабул қилинди, деб хабар беради Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.
2026 йил 1 январдан “А1” кичик тоифали гувоҳнома жорий этилади. Эндиликда назарий ва амалий курсларда қатнашмасдан, мустақил тайёргарлик кўриб, 20 саволдан 16 тасига тўғри жавоб берганлар гувоҳномага эга бўлишади. Шунингдек, “А”, “Б”, “C” ва “Д” тоифали ҳайдовчилар “А1” тоифадаги транспорт воситаларини алоҳида гувоҳномасиз бошқариши мумкин.
2026 йил 1 февралдан “А” ва “Б” тоифаларида назарий машғулотлар мажбурияти бекор қилинади. Талабгорлар уйдан онлайн ёки ўқув марказларида офлайн тарзда тайёрланиб, гуруҳ тўлишини кутмасдан амалий машғулотларни бошлаши мумкин.
2026 йил 1 апрелдан жарима баллари тизими ҳам янгиланади. Эндиликда йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун баллар рулдаги ҳайдовчига ёзилади, автомобил эгасига эмас. Шунингдек, ижарага берилган автомобиллар бўйича жарима балини реал ҳайдовчига тақсимлаш имконияти яратилади.
Янги тартиб мопед ва скутер ҳайдовчилари учун қулайлик яратиб, автомактаблардаги бюрократик тўсиқларни бартараф этади ва барча ҳайдовчиларни масъулиятли бўлишга чорлайди.








