Ҳокимлик: Бобур кўчасида дарахтлар “қуриб бораётган эди”
Тошкентда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолат бўйича расмий изоҳ берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бобур кўчасида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари жараёнида айрим эътиборсизлик ҳолатлари кузатилганини маълум қилди.
Хусусан, 83 туп пирамидасимон ғужум (эликс) ва 62 мингдан ортиқ манзарали бута кўчатларини экиш ишлари доирасида аввал ўсиб турган ўсимликлар билан боғлиқ фаолиятда белгиланган талаблар тўлиқ бажарилмагани аниқланган.
Маълумотларга кўра, мазкур ҳудудда илгари 145 туп арча мавжуд бўлган. Мутахассислар хулосасига кўра, уларнинг аксарияти касалликка чалиниб, қуриш босқичида бўлган. Дастлаб дарахтларни эҳтиёткорлик билан кўчириб ўтказиш режалаштирилган бўлса-да, айрим масъуллар бу жараёнда талабларни бузган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Натижаларга кўра, қонуний чоралар кўрилиши билдирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ободонлаштириш ишлари қулай, хавфсиз ва экологик барқарор муҳитни шакллантиришга қаратилганини таъкидлаб, шаҳар аҳолиси томонидан табиатни асраш масаласига эътибор билан қаралаётганини юқори баҳолади ва миннатдорчилик билдирди.
Аввалроқ, Экология вазирлиги маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилишича, 25 октабр куни эрталаб ижтимоий тармоқларда Бобур кўчасидаги дарахтларнинг ноқонуний кесилгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалган эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дарахтлар Якассарай тумани ҳокимининг ўринбосари топшириғи билан Ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесилган. Ушбу ҳаракат 2019 йилда Президент фармони билан жорий этилган дарахтларни кесиш бўйича мораторий талабларига зид ҳисобланади.







