Тошкентда салкам 200 туп дарахт ноқонуний кесилгани аниқланди
Бунинг оқибатида табиатга 1,46 млрд сўмлик зарар етказилган.

Ижтимоий тармоқларда 25 октябрь куни тунда “дарахтларнинг кесилганлик ҳолати” акс этган видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилди.
Текширув натижасига кўра, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жами 174 туп дарахт ва бута кесилгани аниқланди. Экология инспектори томонидан тегишли баённомалар расмийлаштирилиб, атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори 1 миллиард 460 миллион 952 минг сўм этиб белгиланди.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилишини таъминлаш учун прокуратура органларига юборилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти вазиятни ўз назоратига олиб, атроф-муҳитга зарар етказган масъулларга нисбатан қонуний чора кўрилишини маълум қилди. Шу билан бирга, бундай ҳолатларнинг келгусида такрорланмаслиги учун Экология вазирлиги билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилиши таъкидланди.
Бундан ташқари, ҳокимлик томонидан кесилган дарахтларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида 62,1 минг дона бута ва манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилгани билдирилди.







