194 та мамлакатдан ташриф, 150 дан ортиқ тадбир: Самарқандда тарихий анжуман бошланмоқда
ЮНEСКО Бош конференцияси сессияси илк бор Париждан ташқарида — Самарқандда ўтказилмоқда. 15 кун давом этадиган ушбу халқаро тадбир дастури нималардан иборат?

Эртага, 30 октябрь куни Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси йиғилишлари бошланади. Айни пайтда Самарқанд ушбу нуфузли халқаро тадбирга деярли тайёр. Конференцияни юқори даражада ташкил этиш, хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳатто хориждан ҳам ходимлари ҳам жалб этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керак, ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги қирқ йил ичида илк бор Париждан ташқарида бошқа шаҳарда, 30 октябрь - 13 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтади.
Йирик тадбирда дунёнинг 194 та мамлакатидан президентлар, ҳукумат раҳбарлари, илм-фан, таълим ва маданият соҳалари экспертлари иштирок этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, анжуманда 20 дан ортиқ халқаро ташкилотлар вакиллари жам бўлади.
Бугун эрталаб тадбирда иштирок этиш учун ташкилот Бош директори Одри Азуле хоним ва конференция иштирокчилари “Париж - Самарқанд” чартер рейси билан бугун тонгда Самарқанд шаҳрига келди.
2017 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилган Одри Азуле учун мазкур сессия унинг ЮНEСКО Бош директори сифатида қатнашган сўнгги сессияси бўлади. Самарқандда ЮНEСКОнинг янги бош директори расман ишга киришади. Бу вазифага яқинда ташкилот Ижроия қўмитасининг 222-сессиясида ўтказилган сайловда ғолиб чиққан мисрлик 54 ёшли Холид Ал-Ананий тасдиқланади.
Конференция дастури доирасида 150 дан ортиқ тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, Регистон мажмуасида катта концерт ташкил этилади.
Ўз навбатида маданий мерос йўналишида халқаро музей конференцияси, ёшлар форуми, Мирзо Улуғбек ва амалий санъатга бағишланган кўргазмалар тайёрланмоқда.
Конференция якунида “Самарқанд декларацияси” қабул қилиниши, унда инсон капиталига сармоя киритиш, маданий хилма-хилликни асраш, барқарор ривожланиш мақсадларига ҳисса қўшиш ва илм-фан орқали тинчликни мустаҳкамлаш каби ғоялар ўз ифодасини топиши кутилмоқда.
Умуман олганда, Самарқанд сессияси ЮНEСКО ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади ва мамлакатнинг глобал миқёсдаги нуфузини оширади. Жараёнларни Zamon.uz'da кузатиб боринг.







