Ўзбекистон ва Сербия биринчи хoнимлари “Имкон” кўп тармоқли марказига ташриф буюрди
“Имкон” маркази болалар боғчаси, логопедик ва психологик ёрдам, шунингдек, тиббий ва ижтимоий реабилитация хизматларини ўзида мужассам этган.

Тошкент вилояти, Қибрай туманида жойлашган "Имкон" кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Сербия биринчи хоними Тамара Вучичнинг биргаликдаги ташрифи бўлиб ўтди.
Муассаса раҳбарияти меҳмонларга марказнинг алоҳида парваришга муҳтож болалар учун яратилган замонавий шароитлари ва комплекc хизматлари ҳақида батафсил маълумот берди. "Имкон" маркази болалар боғчаси, логопедик ва психологик ёрдам, шунингдек, тиббий ва ижтимоий реабилитация хизматларини ўзида мужассам этган.
Ташриф давомида Биринчи хoнимлар марказнинг болалари, тарбиячилари ва ота-оналари билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг тажриба ва мулоҳазаларини эшитишди. Зироат Мирзиёева Ўзбекистонда инклюзив таълим тизимини ривожлантириш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги изчил сиёсатни таъкидлади.
Тамара Вучич ўз навбатида, Ўзбекистонда алоҳида эътибор ва ғамхўрлик талаб қилувчи болалар учун яратилган шароитлар ва кўрсатилаётган ёрдамдан чуқур таассурот қолганини билдирди. У "Имкон" марказининг фаолияти ва ушбу соҳадаги ютуқларни юқори баҳолади.
Тадбир икки давлат ўртасида гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истагини акс эттирди.







