Ўзбекистон бўйлаб тозалик ойлигининг 15 кунлигида 243 минг тонна чиқинди олиб чиқилди
Республика бўйлаб ўтказилаётган тозалик ойлиги доирасида 15 кунлик натижалар тақдим этилди.

Ўзбекистон бўйлаб 15 октябрдан 15 ноябргача ўтказилаётган “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасида дастлабки ўн беш кунлик натижалар маълум қилинди. Якунларга кўра, республика ҳудудларида кенг кўламли ободонлаштириш ва санитария тадбирлари амалга оширилиб, катта ҳажмдаги чиқиндилар йиғиштирилди.
Тозалик акциясининг илк 15 кунида 19 минг нафардан ортиқ санитар тозалаш ва ободонлаштириш хизмати ходимлари иштирок этди. Шу даврда 32 099 та маҳалла ҳудуди ва 16 887 та жамоат масканларида тозалаш ишлари олиб борилди. Жараёнларга 28 937 дона махсус техника жалб қилиниб, 243 278 тонна чиқинди йиғиштирилди ва ҳудудлардан чиқариб ташланди.
Ҳудудларда тартиб-интизомни кучайтириш мақсадида Прокуратура, ИИБ, Миллий гвардия ва Экологик давлат назорат инспекцияси томонидан назорат тадбирлари ўтказилди. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ва санитария қоидаларини бузиш билан боғлиқ 36 788 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, уларга қонунчилик асосида чоралар кўрилди.
Тозалик тадбирларида, шунингдек, 22,5 мингдан зиёд давлат ташкилотлари ходимлари ҳамда ўндан ортиқ ҳамкор ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этди.
Мазкур ойлик доирасидаги ишлар йил якунига қадар изчил давом эттирилади.







