Ўзбекистондa 5 ойда 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи жарима баллари олди
Ушбу тизим жорий этилгач, ЙТҲлар 6,3 фоиз, ҳайдовчилар айби билан содир бўлган автоҳалокатлар 31,2 фоизга камайди.

Ўзбекистондa ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилганидан буён ўтган беш ой давомида 114 мингдан ортиқ ҳайдовчига балл қўлланилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1 июндан 30 октябргача жами 114 382 нафар ҳайдовчига жарима баллари белгиланган. Уларнинг:
114 374 нафарига — 1 дан 5 баллгача,
6 нафарига — 5 дан 6 баллгача,
1 нафарига — 7 балл,
яна 1 нафарига — 8 балл қўлланган.
Тизим жорий этилгандан сўнг йўл-транспорт ҳодисалари сони 6,3 фоизга, ҳайдовчилар айби билан содир бўлган автоҳалокатлар эса 31,2 фоизга камайгани қайд этилди. Муассасалар фикрича, мазкур кўрсаткичлар жарима баллари тизими йўл ҳаракати хавфсизлигига ижобий таъсир кўрсатаётганидан далолат беради.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев тизим натижалари ҳақида шундай деди: “Жарима баллари тизими ўзини амалда оқлади, чунки бундай натижа — яъни йўл-транспорт ҳодисалари сонининг сезиларли камайиши — аввал кузатилмаган эди”.








