Самарқанд ёшлар овозини дунёга етказган минбар бўлди
Ёшлар Форуми ёшларнинг глобал миқёсда эшитилишига ва уларнинг ташаббусларини жахон ҳамжамияти олдига чиқариш имкониятини берди.

27–28 октябрь кунлари қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилган 14-ЮНЕСКО Ёшлар форумида 140 дан ортиқ мамлакатдан ёш етакчилар, экспертлар ва расмий делегатлари бугун инсониятни ташвишга солаётган экологик муаммоларга ечим топиш учун бирлашди.
Форум ёшлар овозини глобал миқёсда етиборли қилиш ва уларнинг ташаббусларини дунё ҳамжамияти олдига чиқариш имконини берди.
Дунёнинг турли бурчакларидан келган ёшлар форумда иқлим ўзгаришига қарши қандай амалий таклифларни илгари сурди ва уларнинг ғоялари келажакка қандай таъсир қилади? Севинч Анварова етакчи ёшларга микрафон тутди
Hope BANDA UNESCOнинг Малави Миллий Комиссияси вакили:
Биз бу ерда қарор қабул қилувчи шахслар ва сиёсат юритувчилар амалга оширадиган тавсиялар устида ишлаяпмиз. Жуда кўп тавсиялар ишлаб чиқилди, тахминан олти асосий йўналиш мавжуд. Улар орасида иқлим таълимини ўқув дастурларига киритиш, шунингдек, иқлим сиёсатининг молиявий жиҳатларига эътибор қаратиш ҳам бор. Африкада бу соҳада кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда, аммо молиялаштириш масаласи ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу сабабли, биз қарор қабул қилувчи шахслар қандай йўл билан бизга максимал даражада ёрдам бера олишлари ҳақида тавсиялар ишлаб чиқишимиз керак. Бу ёрдам орқали биз иқлимга оид амалий ҳаракатлар, иқлим адолати ва иқлимга мослашиш тамойилларини самарали амалга оширишимиз мумкин бўлади.
Бошқа тавсияларимиз қаторида сиёсатда маданий инклюзияни таъминлаш, шунингдек, ҳукумат қарорларидан тортиб бошқа барча жараёнларда ҳам ёшларнинг овозини инобатга олиш масалалари ҳам мавжуд. Ана шундай йўналишлар биз ишлаб чиқаяпган асосий тавсиялардир.
Гульназ Абутова, Ўзбекистон
Менга Ўзбекистон номидан ЮНЕСКОнинг халқаро ёшлар конференциясида иштирок этиш шарафи насиб этди ва у ерда ўз лойиҳам билан чиқиш қилдим. Ўзим Қорақалпоғистонданман. Билaсиз, бизнинг минтақам экологик муаммо — чўлланиш ва Орол денгизнинг қуриб боришидан энг кўп азият чеккан ҳудуддир.
Ўтган йили, апрель ойида мен “Тоза сув” номли лойиҳага асос солдим. Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистоннинг Оролбўйи минтақасини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган. Биз сув тозалаш станцияларини қуришни бошладик. Ҳар бир станция тахминан 10 минг долларга тушади. Биз маблағларни корхоналар ва оддий аҳолидан йиғишни бошладик.
Бугунги кунда, бир ярим йил ичида биз 10 та станция қурдик ва улар Қорақалпоғистоннинг 9 мингдан ортиқ аҳолисини тоза сув билан таъминламоқда.
Ўзбекистон учун эса бу конференцияни биринчи марта Марказий Осиё мамлакатлари орасида мезбон сифатида ўтказиш катта шараф бўлди. Энг муҳими, бу бизга ўзимизни дунёга танитиш имкониятини берди, чунки кўплаб иштирокчилар, ажабланарлиси шундаки, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Орол денгизнинг глобал экологик муаммоси ҳақида аввал эшитмаган эди.
Даба Салим иштирокчи, Marakko:
Ўзим ҳақимда айтсам: мен "Discover Our Backcycles" номли стартапнинг муаллифиман. Биз чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланамиз ва корхоналарнинг ижтимоий масъулият (RSE) бўйича брендлар учун маҳсулотлар ишлаб чиқамиз.
Меннинг истагим, бугун олган барча маълумотларимизни ҳақиқатдан ҳам барқарор амалий ҳаракатларга айлантирайлик. Шу икки кун давомида олган билим ва ғояларимиз орқали биз давлатларимизда ва ҳатто глобал миқёсда катта лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин. Чунки оддийгина ҳаракатларнинг ўзи ҳам дунёмиз учун катта аҳамиятга эга.
Абхишек Кумар иштирокчи, Хиндистон:
Намасте. Мен Ҳиндистондан Абҳишек Кумарман. Мен Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича журналист сифатида ишлаяпман — иқлим ўзгариши ва ижтимоий таъсир масалаларини инклюзив, адолатли ва барча учун очиқ қилиш устида изланаман.
Инклюзив иқлим таълими лойиҳасида ҳам ишлаяпман — бу лойиҳа орқали жамиятнинг чекама қатламлари, ҳимоясиз гуруҳлар, масалан ҳайдовчилар, маҳаллий (туб) аҳолилар ва ногиронлиги бўлган шахслар иқлим таълимига жалб қилинади, шунда биз ҳеч кимни ортда қолдирмаймиз. Кўп ҳолларда ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар, чекка ҳудудлардан чиққан болалар иқлим таълимидан четда қолишади.
Шунинг учун биз бутун дунё миқёсида қишлоқ жойлардаги шундай қатлам айниқса, ёшлар, ногиронлиги бўлган болалар, ҳамда қиз болаларни иқлим таълимига жалб қилишимиз керак.
Кола Даоуда иштирокчи, Нигерия:
Мен Африка қитъасининг ғарбий қисмида жойлашган Буркина-Фасо давлатиданман. Менда бир нечта таклифлар ҳам бор. Биз ёшлар қарор қабул қилиш жараёнига қўшилишимиз керак. Сиёсий мулоқотларда иштирок этишга имконият яратиш лозим. Ёшларнинг фикрлари ва қарорларини инобатга олиш муҳим. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши мавзусида ёшлар учун янги таълим тизимини йўлга қўйиш керак деб ҳисоблайман. Чунки бу ёш етакчиларнинг дунёқарашини ўзгартиришга ёрдам беради. Яъни, ёшларни иқлим ўзгариши ҳақида янгича фикрлашга ва бу борада фаол бўлишга ўргатиш жуда муҳимдир.
Яна алоҳида урғу бермоқчиманки, бу форум ёшлар учун жуда муҳим, чунки иқлим ўзгариши ҳодисаси энг аввало уларни таъсир остида қолдиради. Шу сабабли, ёшларни бир жойга тўплаб, уларга ўз фикрини эркин ифода этиш, муаммоларга ечим топиш ва бошқарув органларига тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берадиган бундай учрашувларни ўтказиш жуда зарур.
Форумнинг биринчи кунидаёқ мен мамлакат томонидан жуда яхши ташкил этилганини кўрдим. Шу боис Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Ҳаммаси жуда яхши йўлга қўйилган, ташкилотчилик даражаси юқори. Мен бунинг учун жуда миннатдорман — ҳам Ўзбекистонга, ҳам ЮНЕСКОга раҳмат.







