Тадбиркорларга асоссиз жарима қўллаган мансабдорлар жазоланади
Бизнес-омбудсман тадбиркорларни асоссиз жарималардан ҳимоя қилиш мақсадида янги ҳуқуқий механизм жорий этишни таклиф қилди.

Ўзбекистонда тадбиркорларга асоссиз равишда жарима қўллаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тартибини жорий этиш таклиф этилди. Президент ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес Омбудсман) мазкур масала бўйича қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Ваколатли органнинг маълумотларига кўра, айрим давлат идоралари томонидан тадбиркорларга нисбатан ноқонуний жарималар қўлланиш ҳолатлари ҳануз кузатилмоқда. Ўтган йили тадбиркорлар томонидан судларга 6 370 та шундай шикоят киритилган.
Натижада 5 280 та ҳолатда суд тадбиркорлар фойдасига қарор чиқарган ва бекор қилинган жарималар суммаси 1,4 трлн сўмдан ошган. Жорий йилнинг илк олти ойида яна 4 738 та шикоят қайд этилган бўлиб, уларнинг 3 755 таси асосли деб топилган. Бу орқали тадбиркорлар зиммасидан тахминан 3,1 трлн сўмлик нотўғри жарималар олиб ташланган.
Амалдаги тартибга кўра, асоссиз жарима қўллаган мансабдор шахслар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди. Бу эса айрим раҳбарларга жарима қўллашда шахсий масъулиятсизлик билан қарор қабул қилиш имконини қолдирмоқда.
Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги — 241-11-моддани киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, суд жарима қарорини ноқонуний деб топган тақдирда, мансабдор шахснинг ўзи 20–40 БҲМ (тахминан 8,24–16,48 млн сўм) миқдорида жаримага тортилиши белгиланиши кўзда тутилган.
Ҳужжат бўйича жамоатчилик муҳокамаси 9 ноябрга қадар давом этади.







