Тошкентда “пулли парковка”ларни бекор қилиш учун жамоавий мурожаатнома яратилди. Хўш, бу керакми?
Расул Кушербаев “Пулли парковкаларни” бекор қилишни ташаббусини илгари сурмоқда. Аммо жамоатчилик орасида буни бекор қилиш эмас, балки тизимни янада такомиллаштиришни ва бундай “парковкаларни” кўпайтиришни таклиф қилмоқда. Баъзи тадбиркорларга бу “парковкалар” ноқулайлик туғдирмоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тор йўлда ташкил қилинган “пулли парковка”да турган автомобилни ҳаракатланаётган автомобиль уриб ағнаб кетгани акс этган видеолар тарқалган эди. Шундан сўнг бундай “автотураргоҳлар” бўйича муҳокамалар бошланиб кетди.
Экология вазири маслаҳатчиси, жамоат фаоли Расул Кушербаев ўзининг Telegram саҳифасида “пулли парковка”га айлантириш учун асос бўлиб хизмат қиладиган қарорни бекор қилиш учун жамоавий мурожаатнома тайёрлаб “Менинг фикрим” порталига жойлаштирганини ёзди.
“Ўйлайманки, бу кўпчиликни бефарқ қолдирмайди. Жамоавий мурожаатимиз модераторлар томонидан маъқулланса бўлди, овоз йиғиб бекор қилишининг қонуний имконияти пайдо бўлади”, — дея ёзади Кушербаев.
Тизимни бутунлай бекор қилиб, муаммони ҳал қилиб бўлмайди
Блогер Зафар Солижонов пулли автотураргоҳлар — бу “пул йиғиш” усули эмас, тартиб ўрнатиш тизими деб билишини ёзмоқда.
Унга кўра, олдинлари кимлардир автомобилларини икки қатордан, яна кимлардир эса пиёдалар йўлагига, бошқалари эса светофорда қолдириб кетган. Ҳозир эса парковка жойлари ЙҲХХ,туман ҳокимликлари ва бошқа мутасадди идоралар билан келишган ҳолда белгиланмоқда.
Солижоновнинг айтишича, ҳеч ким ўзи хоҳлаб чизиқларни чизмаяпти. Буларнинг орқасида ҳужжат, лойиҳа ва хавфсизлик таҳлили бор.
“Албатта, бу тизимда камчиликлар йўқ эмас — айрим жойларда белгилар етарли эмас, тўлов тизими қулайлаштирилиши керак, бу ҳақиқат. Аммо тизимни бутунлай бекор қилиш муаммони ҳал қилмайди”, — дея ёзади блогер Telegram саҳифасида.
Унга кўра, энг тўғри йўл бу тизимни такомиллаштириш, тартибни сақлаган ҳолда қулайликни ошириш.
“Шу билан бирга, пиёдалар йўли бўлган жойлар ўзбошимча парковка қилинган, қонуннинг ўзидаям бироз камчиликлар бор, такомиллашиши керак деб биламан”, — деб ёзади Солижонов.
Тадбиркор Иброҳим Ҳасановнинг асосий эътирози битта бундай “пулли парковкалар” бошқа тадбиркорларга халақит бермаслиги керак.
У ўзи ижарага олиб ишлатаётган офисининг олди бутунлай пулли эканлигини айтмоқда. Унинг олдига оз муддатга келган мижози ҳам мана шу “пулли парковка”дан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
“Парковка ташкиллаштирган тадбиркорни ҳимояси учун 10 лаб офис очиб солиқни вақтида тўлаб келаётган тадбиркорларни йўлини тўсиш қайси мезонга тўғри келади. Чунки бу “пулли парковкалар” дўкон, офисларни ишлатувчилари ва мижозларига жудаям ноқулайлик келтириб чиқаряпти”, дейди Zamon.uz билан суҳбатлашган тадбиркор.
Тошкентга пулли парковкалар сув ва ҳаводек зарур
Журналист, “Tasnif Group” асосчиси Лазиз Ҳамидовга кўра, Европанинг кўплаб шаҳарлари ва Тошкентдан кичик, аҳолиси кам бўлган ҳудудларда ҳам “пулли парковкалар” мавжуд. Лондон, Осло ва бошқа Европа давлатларидан Тошкентдаги каби одамлар машинасини йўл четига қўйиб кета олмайди.
“Хўп, ҳозирча фақат пул топишгина мақсад қилинган “пулли парковкалар” жорий қилинди. Мен доим улардан фойдаланаман. Табличкалар қўйилган, махсус иловалар яратилган — яъни пул йиғиш тизими ишлаяпти. Аммо ҳайдовчилар учун ҳақиқий қулайлик йўқ. Масалан, шаҳар марказларида оҳак ёрдамида чизиқлар чизишган, у бир ҳафтада ўчиб кетади. Ҳозир борсангиз ярми ўчиб кетган, жуда хунук ҳолатда. Хориждаги сафарларимда бошқача манзарани кўрганман: асфальтдан бўртиб чиқадиган белгилар қилишган. Асфальтдан бўртиб чиқариб чизиқ қилинган жойларга сариқ краска билан чизиб чиқишган. Ҳар бир чизиқ, ҳар бир белги шундай ишланганки, ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам ўзини хавфсиз ҳис қилади”, — дейди у.
Журналист “пулли парковка”лар ортидан пул топаётган ташкилотлар ва инсонлар нега уларнинг сифатига қайғурмаётгани ва харажатларидан қочаётгани ҳақида савол қолдирди.
У шунингдек, Тошкентда парковкалар жуда кам, аҳолига етарли эмаслигини айтмоқда. Масалан, 5 миллион аҳоли яшайдиган мегаполисларда 10 қаватли парковкалар бор: 5 қават ер тагида, 5 қават ер устида. Агар давлат жамоат транспортларини ривожлантирмоқчи бўлса, приоритетни жамоат транспортига берадиган бўлсак, кўпроқ автомобиль турар жойлари қуриш керак, пулли йўллар бўлиши керак, автобус учун махсус йўллар ажратилиши лозим. “Тошкентга машина сиғмаяпти. Биз шунга етиб келдик”, — деб ёзган у.
“Пулли парковга жорий этилишга жорий этилди-ю, аммо Тошкент шаҳар ҳокими парво қилмаётган, эътибор бермаётган ва ўз зиммасига олиши керак бўлган яна бир муаммо бор: мен ҳалигача тушунмайман, нега давлат Тошкент шаҳридаги тижорий қурилишларни парковкалардан устун қўяди? Тошкент машиналар коллапси остонасида турибди. Шунга қарамасдан, нима учун ҳокимият ҳар бир туманнинг ҳар бир бурчаги, ҳар бир марказида ўнлаб, юзлаб тизимли парковкаларни қуришни йўлга қўймаяпти? Нега 5-10 йил аввал айнан парковкалар учун ажратилган ҳудудлар эндиликда бизнес марказ, офисларга ажратиб берворилди, нега парковкаларнинг ўрнида тижорий бинолар қурилди? Мана шу ҳокимият учун катта савол ва мен учун жумбоқ бўлиб қолаётган масала!”, — дея ёзади у.
Zamon.uz мухбири Расул Кешербаевни таклифига берилган овозларни маъқуллаш ва қаршиликларни ўрганиш учун Жамоавий мурожаатлар порталига кирди. Аммо деярли бир соатга яқин вақт ичида ушбу порталдан Кушербаевнинг таклифини топа олади.
Шундан сўнг Zamon.uz мухбири Расул Кушербаев билан боғланди.
Мухбир Кушербаевга вазиятни тушунтирганида “Негадир шундай бўлаяпти, бу атайин қилинганга ўхшайди”, — деди.







