Зойир Мирзаев Оҳангарон ҳокимини танқид қилиб, ишдан бўшатди
У ишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун лавозимидан озод этилган.

Оҳангарон шаҳрида Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ўтган қарийб икки йил мабайнида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги мақсад ва вазифаларнинг ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий маъруза қилди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Ражаббоев Музаффар Эркабоевич ишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун лавозимидан озод этилди.
Зойир Мирзаев Оҳангарон шаҳар ҳокими лавозимига Оҳангарон тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Садриддин Шоқосимов номзодини тавсия қилди.
Номзод шаҳарнинг яқин истиқболи юзасидан тақдимот қилди. Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгаши С. Шоқосимовни шаҳар ҳокими этиб тасдиқлади.







