Ўзбекистонда айрим йўл қоидабузарликлари учун дастлаб огоҳлантирилади
Бу бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилмоқда.

Кеча, 1 ноябрь куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида содир этиладиган ижтимоий хавфи паст бўлган қоидабузарликлар учун жарима ўрнига огоҳлантириш чораси қўллашни назарда тутувчи қонун маъқулланди.
Мажлис давомида таъкидланишича, бир қатор хорижий давлатлар тажрибасида фуқаролар томонидан биринчи марта содир этилган енгил даражадаги маъмурий қоидабузарликлар учун жарима солиш ўрнига уларга қилинган хатти-ҳаракатнинг оқибатлари тушунтирилган ҳолда оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш бериш тизими қўлланади. Бундай ёндашув, амалиётда, қоидабузарликларнинг келгусида такрорланишининг олдини олишга самарали таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, 241-модда тўлдирилиб, маъмурий жазо сифатида огоҳлантириш чораси жорий этилади.
171-модда янги банд билан бойитилиб, махсус фото ва видео фиксация воситалари орқали қайд этиладиган ҳуқуқбузарликлар тури аниқ белгилаб берилади.
Шунингдек, бундай воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирилмай қўлланиши қатъийлаштирилади.
Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Шириновнинг 2025 йил июнь ойида берган маълумотига кўра, биринчи маротаба содир этилганда қуйидаги қоидабузарликлар учун жарима солиш ўрнига огоҳлантириш берилиши режалаштирилган:
- транспорт воситасини бошқаришда хавфсизлик камарини тақмаслик;
- автомобилни техник кўрикдан ўтказмаган ҳолда бошқариш;
- транспорт воситаси зарур жиҳозлар билан таъминланмаган бўлса;
- бошқарув вақтида телефон ёки мониторлардан фойдаланиш;
- тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;
- мажбурий суғурта талаблари бажарилмаган бўлса;
- пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл қоидаларига амал қилмаслиги.
Таъкидланишича, огоҳлантириш фақат бир йил давомида бир марта қўлланади. Қоидабузарлик такрорланса, жарима белгиланган тартибда ундирилади.







