“Бойсундаги “М-25” конида вазият барқарор ва ҳолат зилзила билан боғлиқ эмас”
Энергетика вазирлиги Бойсун газ конидаги ёнғин бўйича расмий маълумот берди.

Энергетика вазирлиги Бойсундаги "М-25" газ конида юз берган ёнғин бўйича расмий изоҳ берди. Маълум қилинишича, 2 ноябрь куни коннинг 202-сон газ қудуғида аввалдан ёқиб қўйилган оловнинг вақтинча сўниши кузатилган. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат табиий геологик жараёнлар натижасида юзага келган.
Олов сўнгач, ҳавога зарарли моддалар чиқишини олдини олиш мақсадида газ тезкор равишда қайта ёқилган. Вазирлик маълумотига кўра, бу жараён атроф-муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилишнинг стандарт усули бўлиб, халқаро саноат хавфсизлиги меъёрларига тўлиқ жавоб беради.
Ҳозирда кон ҳудудида вазият барқарор, барча ишлар мутахассислар назорати остида олиб борилмоқда. Энергетика вазирлиги бу ҳолат конни жиловлаш жараёнининг бир қисми эканини, ҳеч қандай фавқулодда ёки кутилмаган ҳолат кузатилмаганини таъкидлади.
Маълумот учун, мазкур воқеа 2025 йил 3 ноябрь куни соат 01:29 да қайд этилган зилзила билан ҳеч қандай боғлиқликка эга эмас.







